Самарқандда ҳарбийлар Қурбон ҳайити байрами муносабати билан манзилли ҳайрия улашди

Мусулмонлар томонидан нишонланадиган дунёдаги энг катта диний байрамлардан бири бўлмиш Қурбон ҳайити муносабати билан Марказий ҳарбий округининг Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Бешқўрғон ҳамда Ҳоса МФЙ да истиқомат қилувчи ногирон, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва “Темир дафтар”га киритилган аёллардан иборат жами 20 дан ортиқ юртдошларимиз ҳолидан хабар олишди.

“Соҳават карвон”ларининг манзилли ёрдами ҳудуддаги барча кўнгли ўксик қалбларнинг ҳонадонларига етиб борди. “Шундай улуғ кунларда халқимиз, давлатимиз эътиборидан ҳеч ким четда қолмайди,” деган эзгу ғояни таъминлаган ҳарбий хизматчилар байрам муносабати билан бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзандлдари учун ўқув-қуроллари, шахсий гигиена воситалари ҳамда зарур дори-дармон воситаларини тарқатишди.Ҳарбий либосдаги юрт ўғлонларининг ташрифидан суюнган ёшу қари бугунги осуда ҳаётимиз, тинчлигу осойишталигимизга шукроналар айтиб қўлларини дуога очишди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring