Самарқанд вилояти босқичи ғолиблари энди вазир кубоги учун беллашади

Марказий ҳарбий округининг “Сазаган” дала ўқув майдонида Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида Мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий спорт мусобақаларининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.“Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасида Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туманлардан ғолиб бўлган жами 16 жамоа иштирок этди.Ушбу мусобақанинг дастлабки босқичлари Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туман мудофаа ишлар бўлими томонидан ўтказилиб, унда 1243 та умумтаълим мактабларидан ўн икки мингдан ортиқ ёшлар иштирок этишганди.
Вилоят босқичи мусобақасининг тантанали очилиш маросимида ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят ҳокимлиги, Халқ таълим бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Унда ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов ушбу мусобақалар Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги арафасида ўтказилаётгани ёшлар учун аждодларга муносиб авлод бўлиш каби туйғуларни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлаб, жамоаларга омад тилади.
Шундан сўнг иштирокчилар “Саф қўшиқларини айтиш”, “Моҳир мерган”, “ҳарбий эстафета” ва “Темур тузуклари” билимдони” каби шартлар бўйича ўзаро беллашди.

Қизғин ва муроасиз кечган баҳсларда ёшлар биринчиликни қўлга киритиш билан бирга турли номинациялар учун ҳам ўзларининг куч ва билимларини намоён этди. Жумладан, моҳир мерган шартида Пастдарғом тумани 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ҳусанов Шоҳжаҳон 64 очко билан мутлоқ ғолиб, деб топилган бўлса, “Темур тузуклари” билимдони” баҳсларида Самарқанд шаҳар 41-умумтаълим мактаби ўқувчиси Саида Мирзааҳмедова ушбу номинация ғолиби сифатида қайд этилди.
Мусобақа якунига кўра, фахрли учинчи ўринни Пастдарғом туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси, 2-ўринни Каттақўрғон шаҳар 17-сонли умумтаълим мактабининг “Темур ворислари” жамоаси ва фахрли биринчи ўринни Пахтачи туманидаги 18-сонли умумтаълим мактабининг “Соҳибқирон Темур” жамоаси эгаллашди.
Мусобақа ва номинация ғолиблари Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кубоги, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Эндиликда “Соҳибқирон Темур” жамоаси Самарқанд вилояти шаънини ҳимоя қилиб, Мудофаа вазири кубоги учун Республика босқичида иштирок этади.Тадбир якунида иштирокчиларга ҳарбий оркестр жамоасининг концерт дастури билан бирга ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring