Йиллар қалбидаги шижоатига дахл қилолмади.

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ҳамда Пастдарғом тумани мудофаа ишлари бўлими ҳамкорликда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендурман ўша!” шиори остида ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги тадбирлари доирасида ушбу туманнинг Болтали қишлоғи, 21-уйда кексалик гаштини сураётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Парда бобо Рўзиев хонадонида бўлиб, нуронийнинг ҳолидан хабар олишди.

1941-1944 йилларда 137-сонли мотоўқчилар полкида миномёт ҳисобида душманга қарши курашган отахоннинг уруш хотираларини тинглаб, унинг матонати ва иродаси метиндек мустаҳкам эканига, руҳан бардошли жангчини эса енгиб бўлмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қиласан, киши. Ўтган бешафқат йиллар Парда отанинг жисмига таъсир кўрсатган бўлса-да, унинг қалбидаги шижоатга, юрагидаги ватанпарварлик туйғуларига дахл қилолмади. Аксинча, улар тобора мустаҳкамланиб, теранлашиб борди.
Ота билан суҳбатлашар экансиз, бугунги кунларга шукроналик ҳисси бутун вужудингизни чулғаб олади. Отахондан узоқ умр кўриш сири ҳақида сўралганда: “Амали тўғри ва адолатли инсонларга ўлим йўқ экан”, дея жавоб қайтарди.

Суҳбат чоғида Парда ота ҳарбий хизматчиларга Махтумқули шеърларидан ўқиб берди. Ёшлик йилларини эсга олиб, алпкелбатли Ватанимиз ҳимоячилари даврасида яшариб кетган кекса жангчи уларни узоқ дуо қилди. Кексалик гаштини сураётган Парда бобо Рўзиев 8 нафар фарзанди, 37 нафар невараси, 80 нафар чеваралари роҳатини кўриб улар ардоғида яшаб келмоқда.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring