12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтади.

12−13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми видеоконференция шаклида ўтказилади. Форум ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланади.

Самарқанд Форумининг асосий мақсади ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга тааллуқли мавжуд халқаро ҳамда минтақавий механизмларни таҳлил қилишдан иборат.

Форумда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта жаҳоннинг етакчи экспертлари муҳокамаси учун тақдим қилинади. Ушбу Конвенция лойиҳаси Ўзбекистон президенти ШавкатМирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган.

Самарқанд веб-форумида нуфузли халқаро экспертларнинг иштирок этиши режалаштирилган. Жумладан форумда Ёшлар ишлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг вакили, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг ижрочи директори, Парламентлараро иттифоқ ёшлар парламенти Форуми президенти, Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Европа Кенгашининг Ёшлар масалалари бўйича Маслаҳат кенгаши, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Ибер-Америка конвенцияси экспертлар комиссияси вакиллари ва бошқа экспертлар веб-форумда маърузаларини тақдим қилишади.

Шунингдек, унинг ишида 30дан ортиқ Ўзбекистон ёшлар ташкилотлари вакиллари Республиканинг барча ҳудудларидан туриб иштирок этади. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва унинг ҳудудий бўлимлари, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Республика ёш олимлар ассоциацияси, Ёш ижодкорлар кенгаши, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази масъулияти чекланган жамияти, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши, Республика ёшлар маркази ва бошқа ташкилотлар веб-форумда иштирок этиши режалаштирилган.

Izoh qoldiring