Урушдан акамсиз қайтдим…

Самарқанд вилояти Нуробод тумани Эрўғил қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмон ота Абилов бу йил 101 ёшни қарши олди. Куни кеча 10 август куни Раҳмон отани ҳолидан хабар олиш ва уни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари унинг хонадонида бўлишди.Отахоннинг саломатлиги кўздан кечирилиб совға саломлар улашилди. Сўнгра Раҳмон ота ҳарбий хизматчилар миннатдорчилик билдириб, бир пиёла чой устида суҳбатлашишга чорлади.

Суҳбат жараёнида уруш фахрийси шундай дейди-Сизлар менинг бир асрдан ошиқ яшаганимга ҳавас қилиб ана шундай кунларга етишишни ният қиляпсизлар, илоҳим ниятингизга етинг. Аммо мен кўрган нарсаларни сиз умрингиз давомида кўрманг деб ҳўрсиниб қўйди….

Мен 1938 йил 7 йиллик мактабни кеч тугатганимдан сўнг, отам билан акамга ёрдамлашиш учун колхоздаги ишларига қарашиб юрдим. Орадан уч йил ўтиб 1941 йил уруш бошланди. Рашид акам билан менга армияга чақирув қоғози келди. Буни кўрган отам бироз ранжигандек эди гўё, аммо онам билан дуо қилиб  ой бориб омон қайтишимизни тилашди. 1942 йил Иккинчи жаҳон урушида 137-сонли ўқчилар полкида минамётчи лавозимида хизмат қилиб Ленинградда бўлган жангда қатнашдим. Жуда кўп аёвсиз жангларни кўрдим. 1943 йил бизнинг взвод жойлашган кўп қаватли уйга ёндирувчи снаряд келиб тушди. Бунинг натижасида учта қовурғам синиб, оёқ қўлим куйди. Қонга беланиб ўрнимдан турганимда ўнг елкамга ўқ тегиб бармоқларимгача борди. Шу вақт қуролим қўлимдан тушиб кетиб йиқилиб қолдим ва оғриқ азоби билан кўнглимдан минг хил ҳаёллар ўтди. Энди ота-онамни кўрмайманми? Шу ерларда ўлигим қолиб кетадими? Наҳотки она ватанимнинг тупроғида ором олмасам деган ҳаёллар…Кўп қон ёқотиб ҳушимдан кетган эканман, кўзимни очсам госпиталда ётипман шунда яратган тангримга беадад шукрлар бўлсин дея дуо қилдим. Ҳарбий госпиталда узоқ вақт даволандим. Кунларнинг бирида менга хат келди. Очиб қарасам ота-онам бор дарду хасратлари билан Рашид акамнинг ҳалок бўлганини ёзган экан. Шунда хатдаги ёзувлар бироз ўчган эди. Кейин билдимки у онамнинг кўз ёши билан ёвилган экан. Шундан сўнг, ғанимга бўлган бўлган нафратим яна ошиб, урушга киришимни сўрадим ва мени синовдан ўтказиш мақсадида қўлимга қурол тутқазишди. Бироқ ўқнинг асорати туфайли синовдан ўта олмадим ва мени биринчи гуруҳ ногирони этиб уйга қайтаришди. Шу тариқа Рашид акамсиз урушдан қайтдим…
Қайтиб келсам қишлоғимиздан 43 нафар ёш навқирон йигитлар кетган экан. Шундан 13 нафари эса мен каби ногирон бўлиб қайтишди. Аммо улар ҳам энди йўқ.
Қишлоғимиз одамлари яхши инсон, улар урушда ҳалок бўлганлар хотираси ва қайтган қишлоқдошларимиз учун кичик бир хотира бюстини очишди. Вақтингиз бўлса бориб кўринг деяа Раҳмон ота ўз сўзларини тугатди. Шундан сўнг, ҳарбий хизматчилар Эрўғиллик қаҳрамонларни ёд этиш мақсадида хотира буюстига ташриф буюришди ва уларга ҳурмат бажо келтиришди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring