“Китобхонлик куни”да ҳарбий хизматчилар маънавий иммунитетини оширишди (фото)

Хабарингиз бор, Махсус комиссия қарорига асосан, жорий йилнинг 15 август кунига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида карантин чекловлари киритилди.

Шу сабаб, аҳолидан заруриятсиз кўчага чиқмаслик сўралмоқда. Шифокорлар томонидан касалликка қарши самарали курашиш учун иммунитетни (организмда касалликка қарши курашиш тизими) оширишга хизмат қиладиган озиқ-овқат ва мевалар истеъмол қилиш тавсия этилмоқда. Хўш, иммунитет тизимини оширишга хизмат қиладиган маҳсулотлар номи аниқ. Маънавий иммунитетингизни ошириш учун қандай китоблар мутолаа қилишингиз зарур?

Марказий ҳарбий округига қарашли Самарқанд гарнизонидаги Сафарбарлик чақируви резерви батальонида “Китобхонлик куни” доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқарув тизими, ҳарбий жанг санъати, юксак инсоний фазилатлари тўғрисида давра суҳбати ўтказилди. “Темур тузуклари” китоби ёдга олиниб, офицер ва сержантларни фикрлари тингланди.

– Инсон истаса, китоб ўқиш учун ҳар доим вақт топилади. Ҳарбий хизматчини китобхон бўлиши раҳбариятга ҳам боғлиқ. Командир ўзи ўқиган китоб ҳақида шахсий таркибга гапириб бериши орқали ҳарбий хизматчини китобга бўлган қизиқишни ошириши мумкин. Батальон раҳбарияти томонидан хизмат даврида ўқишимиз учун 100 га яқин бадиий ва тарихий китоблар тавсия қилинган. Шунинг учун бўлса керак, бугун «Темур тузуклари» рисоласи асосида тузилган саволларга ҳеч қийналмасдан жавоб бердим, – дейди лейтенант Маҳмуд Баратов.

Шунингдек, тадбир давомида “Темур тузуклари” асари асосида тузилган 25 савол орқали иштирокчиларнинг билими синовдан ўтказилди.

Капитан Ғайрат Мадраҳимов, взвод командири ўринбосари  

Izoh qoldiring