Шифокорлар нега оқ халат кийишади? – ҳарбий қисмдаги тиббиёт ходими ўзгача тарзда рағбатлантирилди (фото)

Тарихчиларни таъкидлашича, оқ ҳалат XIX-асрнинг иккинчи яримида илк бор жарроҳлар томонидан кийилган. Ҳозирда эса деярли барча тиббиёт ходимлари кийиб юришади. Инсон психологиясида оқ ранг – қутқарувчи, нажоткор сифатида кўриниб, беморлар наздида қийинчиликлардан ёрдам бериш рамзи саналаркан.

Қизиғи, ушбу ранг, даволаниш жараёнига ижобий таъсир кўрсатар экан. Лекин шифокорлар оқ халатларни иссиқ ва ноқулай деб ҳисоблайдилар.

Бу инсонлар яъни саломатлигимиз ҳимоячилари беморларни ўйлаб, шундай кийимда юришни мақул кўрар экан. Бу ҳам фидойилик эмасми?

Марказий ҳарбий округига қарашли Самарқанд гарнизонидаги Сафарбарлик чақируви резерви батальонида мана шундай фидойи, ўз касбига садоқатли тиббиёт ходими рағбатлантирилди.

Пандемия даврида миллий армиямизга чақирув бошланди. Муддатли ҳарбий хизматчилар қатори, Сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилиш истагини билдирган чақирилувчилар ҳам бир ойлик хизматга қабул қилинди.

27 ўқув куни давомида туну кун чақирилувчиларни саломатлигидан бохабар бўлиб бориш, тиббий ёрдам кўрсатиш, тегишли тавсиялар бериш каби жараёнларда бир дақиқага бўлса-да масъулият ва хушёрликни йўқотмай, уйига бормасдан касбига садоқат кўрсатган ҳарбий хизматчи Сайёра Маъруповани қанча мақтасак, шунча оз.

Батальон командири подполковник Санжар Жовлиев сўзи билан айтганда “Камдан кам инсонлар бу касбни танлашади. Оғир, машаққатли… Айниқса, уларни қадри пандемия даврида янада сезилди. Бир жони билан юзлаб оғриб турган жонларга ором бағишлаган бу каби (Сайёра Маърупова назарда тутиляпти) инсонлар билан фахрланмай бўладими? Ҳарбий хизматчи сифатида ҳам, тиббиёт ходими сифатида ҳам мажбуриятларини аъло даражада бажаради. Ҳарбий жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман”.

Шунингдек, тадбирда ойлик якун ўтказилиб, йўл қўйилган камчиликлар айтилди. Ютуқлар эътироф этилди.

Капитан Ғайрат Мадраҳимов.

Фото: Ғ.Мадраҳимов

Izoh qoldiring