Қўмондон ҳарбий қисмларнинг қутлуғ санаси билан муборакбод этди.

Марказий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларда ҳарбий қисм ташкил этилган санага бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилди.Жиззах гарнизонида ўтказилган тадбирда дастлаб, ҳарбий қисмда ташкил этилган Хотира хиёбонида Ватанимиз тинчлиги ва осойиштилаги йўлида жон фидо қилган ўғлонлар хотирланиб, улар монументи пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.

Карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ташкил этилган тадбирда Марказий  ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов ҳарбий қисм шахсий таркибини ушбу қутлуғ сана билан табриклаб, юрт посбонларининг келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилади.
Қўмондон табрик сўзида миллий армиямиз сафларида ўз ўрнига эга бўлган ушбу ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари узоқ йиллар давомида турли тактик ўқув машғулотларида, умумармия ўйинларида қолаверса халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилишига муносиб ҳисса қўшганлигини эътироф этди.
Сана муносабати билан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик борасида, ҳарбий округ, Мудофаа вазирлиги ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муайян ютуқларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар навбатдаги ҳарбий унвон ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, округ қўмондони Давлатимиз раҳбари томонидан ҳарбийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида яратилган имкониятлар туфайли офицер ва сержантларга 10 йил муддатга бериладиган имтиёзли кредит асосидаги автомобиллар калитини топширди. Ҳудди шундай тадбир Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмда ҳам ўтказилиб, Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этиб келаётган юрт посбонларининг эришаётган ютуқлари яна бир бор тилга олиниб, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини намоён этиб келаётганлиги тахсинга сазовор эканлиги ҳақида сўз юритилди. Шундан сўнг, ўзининг жанговар  ва маънавий –маърифий тайёргарлиги билан наъмуна бўлиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестр садолари остида навбатдаги ҳарбий унвон, қимматбаҳо ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring