Каттақўрғон гарнизонида Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистонни албатта ёшлар билан қурамиз” шиори остида кўплаб тадбирлар ўтказилди. (фото+)

Марказий ҳарбий округининг Каттақўрғон гарнизонида жойлашган артиллериячилар ҳарбий қисмида 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистонни албатта ёшлар билан қурамиз” шиори остида кенг кўламдаги байрам тадбирлари ташкил этилди.

Тадбир ҳарбий қисмдаги илғор ёшларни тақдирлашдан бошланди. Шундан сўнг тантана меҳмонлари бўлган Ёшлар иттифоқи Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси Ф.Наджимов бошчилигидаги ўқувчи ёшларнинг чиқишлари томоша қилинди. Уларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Ватан олдидаги муқаддас бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган марҳум ҳарбий хизматчилар доим қалбимиз тўрида, ардоғида. Каттақўрғон ана шундай мард ўғлонларнинг икки нафари – У. Барноев ва Б. Эргашевларнинг она шаҳри ҳисобланади. Ёш ҳарбий хизматчиларнинг ташаббуси билан бир гуруҳ ёшлар улар туғилиб ўсган хонадонларга бориб, яқинлари ҳолидан хабар олишди. Шунингдек, имконияти чекланган болалар ҳолидан ҳам хабар олиниб, байрам муносабати билан уларга совға-саломлар улашилди.

Бундан ташқари ҳарбий қисм ёшлари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бозорларда, дўконларда, жамоат жойлари ва муассасалардаги ёшларни самимий муборакбод этиб, бирдамликка чорлашди.

Кечки пайт ҳарбий шаҳарчада «Ёшлар келажак бунёдкори» номли концерт дастури билан байрам поёнига етди. Ёшлар кўзида чақнаган олов ва қувонч барчага кўтаринкилик бағишлади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring