Марказий ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларига янги ўринбосарлар тайинланди (фото)

Мудофаа вазирининг буйруғи билан Марказий ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларига янги ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

2017 йилнинг октябрь ойидан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келаётган полковник Улуғбек Бегматович Дусматов Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Полковник Улуғбек Дусматов Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти ҳамда Қуролли Кучлари академиясида таҳсил олган. Офицерлик лавозимларида хизмат фаолиятини Нукус гарнизонидан бошлаган. Вазирлик қўшинлари тарбиявий ва мафкуравий ишлар органининг турли лавозимларидан ўтган. Мудофаа вазирлигининг Тарбиявий ишлар бош бошқармасида бўлим бошлиғи ҳамда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғи билан подполковник Нуриддин Баҳриддинович Қодиров Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Подполковник Нуриддин Қодиров 2019 йилнинг апрель ойидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаб келган эди.

Нуриддин Қодиров Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртини ва Қуролли Кучлар академиясини тамомлаган. Хизмати давомида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органларида қуйи поғоналардаги лавозимлардан ўтган. Шунингдек, Мудофаа вазирлигида Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошақармасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ҳам хизмат қилган.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring