2000 йилда қаҳрамонларча халок бўлган булунғурлик Маъруфжон Ражабов акаси издан кетиб ҳарбий бўлганди (фото)

Катта сержант Маъруфжон Ражабов акаси подполковник Тўлқин Ражабовга хавас қилиб, ҳарбийлик касбини танлаган. У 1995 йил муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттирган. 1977 йил 3 ноябрда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган қаҳрамон 2000 йил 4 августда Сурхондарё вилоятидаги тоғли ҳудудларда террорчи кучларга қарши ҳарбий вертолётлардан берилган зарбадан сўнг, ҳудудни тозалаш пайтида душман снайперидан яраланиб, халок бўлади.

Президент фармонига кўра, вафотидан сўнг 2000 йил 25 август куни “Жасорат” медали билан тақдирланади.

Булунғур тумани марказидаги катта кўчалардан бирига кираверишда йўл четида унга лавҳа ва ўзи таҳсил олган мактабда хотира бюсти ўрнатилган.

Сафдош дўстлари, ҳарбий хизматчилар байрам ва муҳим саналарда қаҳрамонни болалиги ўтган хонадонда бўлиб, яқинларидан кўнгил сўрашади.

Айтишларича, булунғурлик қаҳрамон вафотидан кейин қишлоқда, унинг хотирасига ер майдони ажратилган ва Маъруфжонни отаси у ерни боғга айлантирган. Ҳозирда бу боғ хосилга кирган экан.

Капитан Ғайрат Мадраҳимов, Отабек Норбоев

 

Izoh qoldiring