Ўқув машғулоти: Бахмал санаториясидаги блок-постда қуролланган шахслар машинада ўтишга уринди (фото+видео)

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан Жиззах вилояти Бахмал туманидаги санатория йўналишига ўрнатилган блок-пост хизмати тўсатдан текширилди.

Округ қўмондонлиги томонидан тасдиқланган режага асосан, ноқонуний қуролланган кичик гуруҳ “Ласетти” русумли автомобилда ҳаракатланиб, вақтинча ташкил этилган блок-постни бузиб ўтади ва тезкорлик билан яширинади.

Блок-постда навбатчилик қилаётган ҳарбий хизматчиларни тўсиқ бузиб ўтилгандан кейинги махсус ҳаракати, психолок ҳолати ва тезкор тадбирларни ҳамкорликда бажариш амалиёти кўриб чиқилди.

Бахмал санаториясидаги блок-пост вактинча ташкил этилганига қарамасдан, ҳарбий хизматчилар карта ёрдамида йўллар, тоғ олди ҳудудлари, қишлоқлар ҳақида маълумотларни ўрганиб чиқишганди.
Тўсиқ бузилганидан сўнг шахсий таркиб икки гуруҳга бўлиниб, ҳаракатланди. Жанговар техникада тақибга олинган машина қаршисидан 20 дақиқа ўтиб, иккинчи гуруҳ техникаси қўпорувчиларни пистирмадан кутиб олди.

“Ласетти” автоулови портлашдан кейин, издан чиқиб тўхтади. Қўлга олиш гуруҳи тез фурсатда жиноятчиларни қуролини ташлаш ҳақида огоҳлантириб, шиддат билан ҳужумга ўтди.

Округ қўмондонига блок-пост бошлиғи кузатилган вазият ҳақида маълумот берди. Яъни машинада уч нафар қисман ҳарбий тайёргарликка эга бўлган шахслар ҳаракатланган. Улардан 1 нафари таслим бўлди. Текшириш давомида 2 та АК-74 қуроли, 1 та Макаров пистолети ва портловчи моддалар ашёвий далил сифатида қўлга олинган.

Келгусида бу каби ўқув машғулотлар Самарқанд ва Жиззах гарнизонларидаги блок-постларда ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Izoh qoldiring