Жиззах гарнизони ҳарбий хизматчилари Бахмалдаги уруш қатнашчилари холидан хабар олди (фото)

Марказий ҳарбий округига қарашли Жиззах гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар Бахмал туманидаги уруш қатнашчиларини холидан хабар олди.

Бахмал туманида 4 нафар уруш фахрийси истиқомат қилади. Қишлоқлар бир-биридан узоқ масофада ва тоғ олди ҳудудида жойлашганига қарамасдан ҳарбийлар уруш қатнашчиларини эътибордан четда қолдирмайди.

– Бугунги дориломон кунлар ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Бу кунларга эришиш учун минглаб ота-боболаримиз қон кечган. Уруш фахрийлари билан суҳбатда бунга яна бир бор амин бўлдик, – дейди капитан Аъзамжон Бобоев. – Ҳарбий қисм раҳбарияти бошчилигида, шунингдек, майор Муҳаммад Азимов, лейтенантлар Насибилло Маматқулов, Шахбозжон Эргашев ва бошқалар ташаббуси билан хизмат вақтида халок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари ҳамда кам таъминланган оилалар холидан ҳам хабар олиб келинмоқда.

Бахмал тумани, Данғара қишлоғида кексалик гаштини сураётган 96 ёшли уруш қатнашчиси Ғиёс бобо Бекамов Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам яна бир урушни кўрган кам сонли инсонлардан. У 17 ёшида яъни 1943 йилда жангга отланган. Темир йўл орқали 17 сутка йўл юриб, Москвага, у ердан эса Берлин остониасига етиб боришди. Жангларда мардонавар курашган ўзбек ўғлонлари 9 май куни фашистлар устидан қозонилган ғалаба шарафига кўтарилган байроқ қаршисида қаддини ғоз тутиб туришди. Шундан сўнг, совет-япон урушида ҳам қатнашди.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар оқтошлик уруш қатнашчиси Асрор бобо Аҳмедов (1925 йил туғилган), Муғал қишлоғида 1923 йил туғилган Очил бобо Жўрабоев, бу йил 100 ёшни қарши олган Танга-топди қишлоғида истиқомат қилаётган Мавлон бобо Умаров хонадонида бўлишиб, уларга уй жиҳозлари совға қилишди.

Уруш фахрийлари Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва ҳарбий хизматчиларга миннатдорчилик билдиришди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring