Марказий ҳарбий округ қўмондони Сардобада аҳолига кўмак бераётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни тақдирлади (фото)

Кеча, 17 май шанба куни, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони томонидан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилди.

Сардобадаги сув тошқи оқибатларини бартараф этиш ва уйларни қисман таъмирлаш ишларида Мудофаа вазирлиги таркибидаги округлар, хусусан, Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Сардобаликларга ёрдам бериш биринчи галда инсонийлик бурчимиз. Синовли кунларда армия халққа елкадош бўлмоқда. Шу билан бирга округ қўмондонлиги томонидан камтарона меҳнатимиз, этироф этиляпти. Меҳнатга яраша рағбат, бу иш унумдорлигини оширади. Мен ҳам бугун смартфон билан тақдирландим. Бундан жуда хурсандман, – дейди майор Санжар Йўлдошев.

Ҳозирги кунга қадар ҳарбийлар аҳоли хонадонларида табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Шу вақтга қадар округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов томонидан сардобаликларга беғараз ёрдам кўрсатган ҳарбий хизматчилар икки марта пул ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шу куни ҳарбий хизматчиларга навбатдаги унвонлар берилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring