Ўзбекистон армиясида нафақага қандай кузатилади?

Ўзбекистон армиясида камида йигирма календарь йили мобайнида ҳарбий хизматни бенуқсон ўтган офицерлар таркибига қиммабаҳо совға ва пул мукофоти берилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, ҳарбий кийим-кечак кийиш ва фарқловчи нишонларни тақиш ҳуқуқийга эга бўлади. Ҳарбий қисм шахсий таркиби олдида тантанали тарзда истефога кузатилади.

Кеча, 15 май куни Марказий ҳарбий округига қарашли Каттақўрғон гарнизонида подполковник Асадулло Абдураҳмонов ўзгача тарзда истефога кузатилди. Унга ўзбекона тўн ва дўппи кийдирилди. Эсдалик совғалари қаторида “гайка ключ” берилди. Заҳирадаги офицер учун бу кутилмаган ва антиқа совға бўлди. У 24 йилдан буён жанговар техникаларга хизмат кўрсатиш мутахассислигида фидойиларча меҳнат қилиб келган.

– Ҳарбийларни истефога чиқиши катта тантана, байрам аслида. Ушбу маросим ҳарбий анъаналардан бири ҳисобланади. Ўтган вақт ичида катта офицер Асадулло Абдураҳмонов ҳарбий қисм жанговар шайлигини оширишга ҳисса қўшди. Жанговар техникалар ҳар доим шай ҳолатда бўлди. Ўзини билим ва кўникмаларини ёш ҳарбий хизматчиларга ўргатди. Унинг шогирдлари 2019 йил «Арми-2019» ҳалқаро мусобақасида иштирок этиб, совриндор бўлди. Бугун уни катта хурсандчилик билан истефога кузатмоқдамиз, – дейди подполковник Фирдавс Умаров.

Ўтган йиллар давомида резервга бўшатилган аксарият ҳарбийларга узоқ умр кўрсин, дея “ҳасса” совға қилинган. Артиллериячиларда эса бироз бошқача, яъни улар сафдошини қурол макети билан сийлашади.

капитан Ғайрат Мадраҳимов

Izoh qoldiring