Тим қишлоғида истиқомат қилаётган уруш қатнашчисини уй қисман таъмирлаб берилди (фото)

Марказий ҳарбий округига қарашли “Каттақўрғон” полигонидаги ҳарбий қисм шахсий таркиби томонидан уруш қатнашчисини хонадони қисман таъмирлаб берилди.

Бойқувват бобо 17 ёшида Тим қишлоғидан жанггоҳга отланди. Улар 25 нафар эди. Чекка бир қишлоқдан Берлин остоналаригача етиб борди. Душман билан юзма-юз мардонавор жанг қилди. 100 ёшни қаршилаган отахон фарзанд ва невараларига бош-қош бўлиб, кексалик гаштини сурмоқда.

Ҳарбийлар бу ерга бир неча маротаба келиб, уруш фахрийси холидан хабар олиб кетишган. Ҳар сафар нураб ётган деворга омонатгина осилган темир эшик ва ҳовлидаги паст-баланд чуқурликлар юрт ҳимоячиларини кўнглини кемтик қиларди. Чунки кекса одам учун текис йўлдан юриш ҳам чарчоғини оширади.

Ҳарбий қисм командир подполковник Ф.Муродов ва подполковник К.Тоиров, майор А.Расулов ҳамда улар билан келган ҳарбий хизматчилар Бойқувват бобо истиқомат қилаётган уйни қисман таъмирлаб беришга аҳд қилишди. Уруш қатнашчиси уларга миннатдорчилик билдириб, дуо қилди.

Бундан ташқари, ушбу ҳарбий хизматчилар Нуробод туманидаги аҳоли саломатлигини сақлаш ва хонадонларда дизенфекция ишларини олиб боришда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring