Тойлоқда биологик зарарланишга қарши қандай курашилмоқда?

Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши чора сифатида 24 апрелдан Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманига кириш ва чиқиш чекланди.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони кўрсатмасига асосан Кучишлатар тузилмалар билан ҳамкорликда яна бир махсус ишлов бериш йиғма отряди мазкур туманга йўналтирилди.

Қисқа фурсатда “Биологик зарарланиш вазиятида дизенфекция тадбирларини ўтказиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар” режаси ишлаб чиқилиб, йиғма отряд олдига изоляция қилинган ҳудудни хавфли инфекциядан батамом тозалаш вазифаси юклатилди.

27 апрель куни дизенфекция ишларида фаоллик кўрсатган Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳамда блок-постларда сергак хизмат ўтаётган ҳарбийлар округ қўмондонининг биринчи ўринбосари-штаб бошлиғи полковник Қаҳрамон Ачилов томонидан рағбатлантирилди.

Бундан ташқари, туманда вақтинча ташкил этилган 35 га яқин блок-постлар аҳоли ва техникалар ҳаракатини вақтинча чеклашга, бу орқали эса хавфли инфекцияга қарши самарали курашишга хизмат қилмоқда.

Туман марказига олиб кирадиган барча кўчалар ва дала йўлларига автомобиль ҳаракатини чеклаш учун бетон тўсиқлар ўрнатилган. Асосий йўллар ва кўприкларда ҳарбий хизматчилар ўзига бириктирилган қурол-аслаҳа ҳамда жанговар техникаларда патруллик хизматини олиб бормоқда.

Тойлоқ туманидаги блок-постларга жалб қилинган қўриқлаш бўлинмаси 14 кундан сўнг Самарқанд ҳарбий госпиталига карантинга жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Фото: Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring