«Хизматга кетиш учун тиббий кўрикдан ўтгандим. Карантин тугагач, армияга кетиш учун яна тиббий кўрикдан ўтиш талаб этиладими?» Мудофаа вазирини матбуот котиби брифингда ҳарбий хизмат билан боғлиқ бўлган саволларга жавоб берди.

Бугун АОКА штабида Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров билан брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Фото: Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Савол: Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўташ ёши 27 ёшгача этиб белгиланган. Апрель ойида 27 ёшни тўлдираман. Карантиндан сўнг ҳарбий хизматни ўташим мумкинми?

Жавоб: Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг бир ойлик йиғинини апрель ойида ўташ белгиланган.

Карантин туфайли вақтинча қолдирилган бир ойлик йиғинлар, шунингдек, апрель ойида 27 ёшга тўладиган фуқаролар учун ҳам йиғин ўташ муддатини бир оз муддатга чўзиш ва улар учун бир ойлик хизматни ўташга имкон яратиш бўйича бугунги кунда белгиланган тартибда ишлар олиб бориляпти.

Бу масала кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг унинг натижалари жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари орқали етказилади.

Савол: Ҳарбий хизматни ўтаб бўлганларни уйга қайтишига рухсат бериладими?

Жавоб: Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлганларни резервга бўшатиш ишлари режага асосан амалга оширилмоқда. Улар ортиқча муддат ҳарбий хизматда қолдирилмайди.

Савол: Бир ойлик хизматга пулини тўлаб қўйганлар нима қилишади? Карантин қачонгача чўзилиши номаълум бўлса, биз пулимизни ҳозир қайтариб олсак бўладими?

Жавоб: Мамлакатимизда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ ҳолат яхши томонга ўзгаргандан сўнг ҳарбий хизматга чақирув ишлари давом эттирилади.

Бир ойлик хизматга, яъни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ учун пул бадалини тўлаб қўйганлар фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар СЧР бир ойлик хизмат йиғинини ўташлари мумкин.

Шунинг учун Сиз карантин муддати тугагандан сўнг албатта бир ойлик хизмат йиғинига жалб қилинасиз, шунинг учун тўлов қилган пул бадалингиз ҚАЙТАРИБ БEРИЛМАЙДИ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги 99-сонли қарор билан киритилган низомга мувофиқ бу хизмат тури учун тўланган пул бадаллари қуйидаги ҳолатларда:

– фуқаро ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда;

– тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан 27 ёшгача И, ИИ ёки ИИИ гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда;

– сафарбарлик чақируви резерви хизматчиси вафот этганда;

– махсус ҳисоб рақамга янглишиб ёки ортиқча пул бадаллари ўтказилган ҳолатда пул бадаллари белгиланган тартибда қайтариб берилиши белгиланган.

Савол: Ҳарбий хизматга тиббий кўрикдан ўтиб бўлганларнинг натижалари карантиндан кейин ҳам ўз кучида қоладими ёки бошқатдан ўтиш керакми ?

Жавоб: Тиббий кўрик натижалари ўз кучида қолади.

Аммо Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг 2019 йил 3 апрелдаги қўшма қарор талабларига асосан функционал текширув ва лаборатория натижалари фақат уч ой давомида ўз кучида қолиши мумкин.

Демак, уч ой муддатдан ошган ҳолатда ҚАЙТА тиббий кўрикдан ўтилади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Izoh qoldiring